EFFECT.UZ – ҲАҚИҚАТ УЧУН!
Сўнгги янгиликлар
“Сериалларнинг сифати талаб даражасида эмас, бу ҳолат жамоатчиликнинг адолатли танқидига сабаб бўлмоқда” — Фирдавс Абдухолиқов

“Сериалларнинг сифати талаб даражасида эмас, бу ҳолат жамоатчиликнинг адолатли танқидига сабаб бўлмоқда” — Фирдавс Абдухолиқов

Кеча, 21 февраль куни Чилонзор туман судида давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда афилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида маълумот бермаганлик ҳолати бўйича суд мажлислари якунланиб, ҳал қилув қарори эълон қилинди.

Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 4-қисмига асосан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда 30 БҲМ миқдорда жарима тўлайди.

Аввалроқ, жорий йилнинг 27 январь куни Абдухолиқов ишни кўриб чиқишда иштирок этиб, судни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берган эди.

Суд Ф.Абдухолиқов ва унинг адвокати Б.Муқадамов томонидан тақдим этилган маълумотлар, хусусан, сериал суратга олиш учун давлат буюртмаси айрим оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидек, фақатгина “Севимли” телеканалига эмас, бошқа телеканалларга ҳам берилганлиги ҳақидаги маълумотларни инобатга олди. Маълумотда, Кинематография агентлиги томонидан миллий телесериалларни суратга олиш ишлари нодавлат телеканаллар билан ҳамкорликда амалга оширилгани таъкидланди. Кинематография агентлигига нодавлат телеканаллар – MY5, Zo‘r-TV ва Sevimli-TV каналари томонидан расман 15 дан ортиқ лойиҳа тақдим этилган.

Телесериалларни суратга олиш тўғрисидаги қарор биргина Бош директор томонидан эмас, балки Агентликнинг бирданига иккита – бадиий (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган) ва эксперт кенгашлари томонидан қабул қилинган. Тақдим этилган лойиҳалар орасидан Агентлик Кенгашлари томонидан 3 та лойиҳа танлаб олинган – “Қодирхон” (120 қисм, MY5телеканали, 1,7 млрд. сўм), “Нажоткорлар” (63 қисм, Zo‘r-TV, 1,8 млрд. сўм) ва “Тузоқ”. ” (120 қисм, Sevimli-TV телеканали, 1,8 млрд. сўм).

Бундан ташқари, Агентлик бадиий кенгаши “Орзулар палатаси” (соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг қаҳрамонлиги ҳақида) телесериалини суратга олиш тўғрисида қарор қабул қилган. Суратга олиш учун “My Films” МЧЖ хусусий студиясига 1,5 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилган. Сериал Sevimli-TV канали орқали эфирга узатилиши керак эди. Ажратилган маблағлар мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, “My Films” киностудияси томонидан давлат бюджетига қайтарилган.

Ушбу қўшма лойиҳалар, нодавлат телеканаллар учун, биринчи навбатда, устувор ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Масалан, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Тузоқ” сериали, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “Нажоткорлар” сериали яратилган бўлиб, ундан кўзланган мақсад томошабинларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ва соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг машаққатли меҳнати ҳақида маълумот беришдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, Ҳукумат томонидан Кинематография агентлигига 12 миллиард сўм ажратилган. Бироқ телеканаллар билан олиб борилган музокаралар натижасида ко-продукция ва биргаликда молиялаштириш бўйича келишувга эришилган. Кинематография агентлиги учун ушбу лойиҳалар инвестиция мақомига ўтган. Маблағнинг 50 фоизи агентлик томонидан, қолган ярми эса телеканаллар ҳисобидан қопланган. Кинематография агентлиги бу каби механизмга ко-продукция, хусусий телеканалларнинг маблағларини жалб қилиб, соҳага қўшимча инвестиция киритиш сифатида қараган. Айнан шу босқичда агентлик томонидан юрист йўқлиги сабабли ҳуқуқий хатога йўл қўйилган. Ф.Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, Молия вазирлигига давлат харидлари жараёнида афилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинлиги ҳақида хабар берилмаган, чунки ушбу лойиҳаларга биринчи навбатда инвестиция лойиҳалари сифатида қаралган, давлат харажатларини икки баробар камайтиришга ҳаракат қилинган.

Фақат ўтган йилнинг ўзида Кинематография агентлиги томонидан хорижий киностудиялар билан ҳамкорликда 4 млн долларлик ҳамкорлик лойиҳалари, маҳаллий хусусий студиялар билан ҳамкорликда 3,9 млрд. сўмлик 7 та лойиҳа амалга оширилган.  Тошкент, Самарқанд ва Бухорода қиймати қарийб 10 миллион долларлик 8та замонавий кинотеатр қурилган. Бу каби ишларнинг барчаси инвесторларнинг маблағлари эвазига қилинмоқда. Агентлик томонидан маҳаллий хусусий студиялар билан ҳамкорликда умумий қиймати 3,9 миллиард сўмлик 7 та қўшма лойиҳа яратилган. Шу нуқтаи назардан, телеканаллар билан ҳамкорликда сериал суратга олиш ҳам бюджетдан ташқари қўшимча маблағ ҳисобланиб, уларсиз мамлакатимизда кино саноатини ривожлантиришнинг иложи йўқ.

Шунингдек, “Sevimli-TV” телеканали олинган маблағни Кинематография агентлиги томонидан продакшн-студия сифатида белгиланган “Umid Production” хусусий студиясига ўтказиб берган. Бундан ташқари, телеканал ўзининг 50% улушини продюсерлик студиясига ўтказиб берган. Коррупцияга қарши кураш агентлигининг расмий баёноти эълон қилинганидан сўнг, телесериалнинг биринчи фаслини суратга олиш ишлари якунланиб, сериал эфирга узатилганига қарамасдан, “Тузоқ” сериали учун ажратилган маблағни қайтаришга қарор қилган.

Кинематография агентлиги кенг жамоатчилик эътиборига сабаб бўлган “Сабрия” сериали ва хусусий студиялар томонидан суратга олинган бошқа кўплаб сериалларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқовнинг таъкидлашича, 

“биз миллий сериаллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишнинг дастлабки босқичида турибмиз. Бу ҳар бир мамлакат учун жуда муҳим босқич, у ҳар доим ҳам осон кечмайди, чунки бу учун вақт, тажриба ва инфратузилма талаб этилади.. Барчамизнинг ёдимизда, яқин 2020 йилнинг ўзида телевизор орқали асосан хорижий телесериаллар намойиш этилар эди. Ҳозирда вазият ўзгарган, барча хусусий каналлар асосан миллий телесериалларни намойиш этмоқда. Бироқ, суратга олинаётган сериалларнинг сифати талаб даражасида эмас, бу ҳолат жамоатчиликнинг адолатли танқидига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, қарор қабул қилинган вақтда Агентликда ваколатли адвокатнинг йўқлиги сабабли юзага келган юридик хатодан афсусдаман. Агентлигимиз юридик хизматини янада кучайтириш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрамиз”

Бугунги суд жараёнида адвокат Б.Муқадамов суддан Абдухолиқовнинг хатти-ҳаракатларида ғаразли ният бўлмаганлиги, сериалларни суратга олиш ва давлат маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар бадиий ва эксперт томонидан биргаликда қабул қилинганлиги, сериаллар суратга олинганлиги ва эфирга узатилганлиги, лойиҳалар инвестицион ҳисобланиб, давлат томонидан ажратилган умумий маблағнинг 50 фоизини тежаш имконини берганлиги, маблағлар рейтинги баланд учта нодавлат канал орасида деярли тенг улушларда тақсимланганлиги, шунингдек, Кинематография агентлиги томонидан телесериаллар суратга олиш учун ажратилган маблағлар тўлиқ ҳажмда давлат бюджетига қайтарилганлигини ҳақидаги маълумотларни инобатга олишни сўради.

Айни вақтда Кинематография агентлиги томонидан сериаллар суратга олиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда ва яқин орада таклифлар ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилади.

Кинематография агентлиги ахборот хизмати.

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив