EFFECT.UZ – ҲАҚИҚАТ УЧУН!
Сўнгги янгиликлар
Франция президентлигига номзод Россия билан иттифоқдош бўлмоқчими?

Франция президентлигига номзод Россия билан иттифоқдош бўлмоқчими?

Франция президентлиги учун сайловда амалдаги давлат раҳбари Эммануэль Макроннинг асосий рақиби Марин  Ле Пеннинг февраль ойида берган интервьюсини тинглаган киши унинг Путин Россиясига нисбатан қандай муносабатда эканинин англаши унчалик қийин эмас. Ўшанда у “Россия Украинага бостириб кирмайди, мен бунга ишонмайман”, – деганди. Мазкур интервьюдан икки ҳафта ўтиб, рус ҳарбийлари Украинага юборилганди. 

Франция президентлиги сайловининг иккинчи босқичида танқидчилар Ле Пеннинг Россияга хаҳрихоҳ эканини таъкидлашган. Номзод эса фақат Франция манфаатлари учун хизмат қилишини бирдирган. Аммо ўта ўнгчи бўлган “Миллий бирлик” партияси етакчисининг Россия президенти ва ташқи сиёсатига бўлган илиқ муносабати аввалдан мавжуд эди.

2017 йил: “Мен Путин сиёсатини қўллаб-қувватлайман”

2017 йилнинг март ойида Владимир Путин билан учрашган Ле Пен хоним рус етакчисидан Россия банки “Миллий бирлик” партиясини молиялаштиришинии сўраган. Шунингдек, Марин Ле Пен АҚШ ва НАТОни Россия билан чегарадош давлатларни қуроллантиришда айблаган.

“Тўғри, Украина Россиянинг таъсир доирасига киради. Лекин Россияни Европа мамлакатлари учун ҳарбий хавф туғдиради деб ҳисобласангиз, янглишасиз”, – деган Ле Пен.

Бундан ташқари, номзод Франция ҳам НАТОдан чиқиши кераклигини, НАТО СССРга қарши туриш учун ташкил этилгани ва айни пайтда СССР деган давлат йўқлигини таъкидлайди.

2017 йилги интервьюсида Марин Ле Пен Путин зарарлими ёки фойда келтирадими деган саволга “Россия кенг кўламда тўғри йўлдан кетмоқда”, деб жавоб берган.

Маълумот учун: Россияда ҳукумат тепасига Владимир Путин келганидан бери инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам равишда сайловлар эркин ва адолатли ўтмаётгани танқид қилинади.

 “Қримга ҳеч қандай босқин бўлмаган”

Марин Ле Пен CNN нашрига берган интервьюсида рус халқи буюк халқ эканлиги, Россия Францияга хавф туғдирмаслиги ва улар билан иттифоқчилик алоқаларини йўлга қўйиш кераклигини айтган эди.

“Қримга босқинчилик бўлмади. Бу бемаъни гапларни бас қилиш керак. Қрим русларники эди. Бу ер ҳамиша русларники бўлган. Совет Иттифоқи вақтида бу ерлар русларга берилган. Аҳоли бошқалар қўлида эзилгач, яна Россия бағрига қайтишга қарор қилди”, – деганди Ле Пен.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил Қримда бўлиб ўтган референдумга кўра, аҳоли Россияга қўшилишга овоз берган. Бироқ БМТ Бош Ассамблеяси овоз беришни ҳақиқий эмас деб топиб, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олувчи резолюция қабул қилган.

2022 йил: “Россия Украинага бостириб киришни хоҳламайди”

Февралдаги суҳбатда ҳам Ле Пен 2017 йилдагидек Москва ва Ғарб ўртасидаги зиддиятларда НАТОнинг ҳарбий босими сабабчи эканини қайд этди.

“Бугун Қўшма Штатлар Россия чегарасига қуролли кучларини жойлаштириш мақсадида Украинани НАТОга киришга ундамоқда. Шунинг учун, руслар Украина чегараларига қўшин киритиб, муносиб жавоб қайтармоқда”, – дейди президентликка номзод.

“Мен барча мамлакатлар суверенитетини ҳимоя қиламан. Шу қатори Украинани ҳам. Лекин Россия Украинани эгаллаб олиш учун бостириб киришига ишонмайман”.

Ле Пен мазкур интервьюда Россия Украинага бостириб кирса, унга қарши санкциялар қўллаш юзасидан саволга аниқ жавоб бермаган. Франция мустақиллигини ҳимоя қилганидек, Украина суверенитетини ҳам қўллаб-қувватлашини билдирган.

Россия билан иттифоқ

Марин Ле Пеннинг сайловолди дастуридан ўрин олган 13 саҳифалик мудофаа учун ажратилган қисмда Россия деярли тилга олинмаган. Буни таҳлилчилар Ле Пеннинг Москва билан муносабатлари ноаниқ эканлиги сабабли деб баҳолашади. Шунингдек, Ле Пен наздида Россия французлар учун келажакдаги муҳим ҳамкор деб ҳисобланади.

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Ле Пен нима деди?

24 февраль куни Россиянинг Украинага бостириб кириши Ле Пенни ажаблантирган бўлиши мумкин. Чунки у қаттиқ ишонч билан бундай бўлмаслигини таъкидлаб келганди. Босқиндан сўнг эса у аввал айтган баъзи гапларини ўзгартириб, Москва билан ҳар қандай ҳарбий ҳамкорликка қарши эканини билдирди.

4 апрель куни Киевда юзлаб тинч аҳолининг жасадлари топилгани эълон қилингач, Ле Пен бу ишларни ҳарбий жиноят деб атади. Лекин барибир Путинни “ҳарбий жиноятчи” деб аташдан бош тортди. Буни эса уруш икки томондан кимнидир ҳақорат қилиш билан ҳал қилинмаслиги билан изоҳлади.

CER  томонидан эълон қилинган ҳисоботда эса Ле Пен ва унинг партиядошлари доимий равишда Россияга нисбатан санкцияларга қарши чиқишгани айтилади. Таъкидланишича, номзод сайлов кампанияси давомида Россиянинг Украинага бостириб киришини танқид қилаётган бўлса ҳам, уруш тугаса, Путин яна ҳеч нарса бўлмагандек Франциянинг иттифоқчисига айланиши мумкин. Агар Марин Ле Пен сайловда ғалаба қозонса, Россияга қарши санкцияларга вето қўйиши ёки заифроқ санкциялар қўллаши эҳтимоли борлиги ва бунинг натижасида Франциянинг бошқа иттифоқчилари билан муносабатлари салбий томонга ўзгариб қолиши мумкин.

Маълумот учун: 10 апрель куни Францияда президентлик сайловларининг биринчи тури бўлиб ўтди ва амалдаги президент Эммануэль Макрон 27,84 фоиз овоз, Марин Ле Пен эса 23,15 фоиз овоз билан сайловларнинг иккинчи турига ўтгани маълум бўлди. Президентлик сайловининг иккинчи тури 24 апрель куни бўлиб ўтади.

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив