Сўнгги янгиликлар
Атроф-муҳит ифлосланишининг экологияга таъсири…

Атроф-муҳит ифлосланишининг экологияга таъсири…

Кўчаларнинг тоза эканлиги сиз учун қанчалик аҳамиятга эга? Сиз ўз оилангизнинг тоза ва озода жойда яшашлари учун ҳақли деб ҳисоблайсизми? Бу саволларни ўзингизга бериб, озгина бўлса ҳам фикрлашга уриниб кўринг!

Хўш, сиз қанчалик ўзингизни яхши жойда яшашга ҳақли инсон деб ҳисоблайсиз? Қолганлар ҳам ўзларига шундай муҳитни яратишни ва озода  бўлган жойда яшашни орзу қилишади, албатта. Бунинг учун эса, фақат ҳаракат талаб этилади. Сиз ва биз бугун келажакнинг қурувчиларимиз. Унинг қандай бўлиши бугунги қарорларимизга боғлиқ бўлиб  турган шароитда ҳеч бир нотўғри қадамга ўрин йўқ.

Тоғли ҳудудлар инсонларни доим ўзига жалб этиб туради. Оила ва дўстлар билан айланиш учун жуда кўпчилик айнан шундай манзарали жойларни танлашлари ҳам бежиз эмас. Аммо бунинг салбий томонлари ҳам бор. Масаланинг бу томони кўпчиликни ўйга толдиради. Бундай жойларни атроф-муҳит ифлосланишидан холи ҳудуд дея олмаймиз.

Дам олиб бўлишгача инсонлар ўзларидан чиққан чиқиндиларни сой, кўл ва дарахтлар остига ташлаб кетишлари ҳам аччиқ ҳақиқат. Кўз юмиш керак бўлган вазиятлар ҳам бор албатта, аммо бундай кўнгилсиз ҳолатларга қачонгача кўз юма олиш мумкин. Ўз фарзанди саломатлиги учун инсон қанчалик ҳаракат қилса, атроф-муҳитни ҳам ўз фарзандидек тасаввур этиб унинг касалланишига ҳам йўл қўймаслиги зарур.

Саноат биноларидан чиқаётган турли чиқиндилар ҳам атроф-муҳитга зарар келтираётгани ҳам айни ҳақиқат. Бунинг оқибатида озон қатламининг юпқалашиб, емирилиши, музликларнинг эриб бориши каби ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Озон – бу ердан тахминан 12-50 км узоқликда жойлашган стратосферадан топилган кислород тури. Озон қатлами маълум миқдордаги ультрабинафша нурларини ютиб, ўзига хос фильтр вазифасини бажаради. У Ер шарини тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилади.

Бу қатлам емирилишининг асосий сабаблари: ракета ва сунъий йўлдошларнинг космосга учирилиши, 12-16 км баландликда ҳаво транспортининг ишлаши, фреон (зарарли модда)ларнинг ҳавога чиқарилиши бу каби омиллар жуда кўп.

Бундай муаммолар изланса кўплаб топилади. Буларнинг барчасига эса инсон омили асосий сабаб. Ўзбекистонда бугунги кунда энг катта муаммоли вазият Орол денгизининг қуриши. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланган вазият бугунгача ўз ечимини топмади.

Оролнинг қуриши глобал даражадаги муаммолар қаторига кириб борди. Денгизнинг қуриб бориши оқибатида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида юзага келган 5,5 миллион гектар майдонда йил давомида 75 миллион тонна чанг ва бошқа зарарли тузлар атмосферага кўтарилиб, Тян-Шан, Помир ва ҳаттоки, Гренландия, Арктика ва Норвегия ўрмонлари қадар етиб, экологияга салбий таъсир этмоқда.

Бунинг олдини олиш учун қуриб, чўл бўлган ҳудудларга саксовул экиш тадбири ишлаб чиқилди. Қайсидир маънода бу билан Орол денгизидан чиқаётган туз ва бошқа зарарли моддаларни атмосферада тарқалишининг олди олинди. Дунёда катталиги бўйича учинчи ўринда турган денгизнинг бундай ҳолатга келиб қолиши аянчлидир.

Орол фожиаси аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солаётганлиги ҳам бор гап. Бугун Орол атрофида яшаётган аҳоли орасида нафас йўллари, жигар, буйрак, камқонлик, онкологик ва юрак-қон томир касалликлари тез-тез учраб турибди. БМТ Бош Ассамблеясининг 75 ва 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти Орол денгизи масаласини кун тартиби рўйхатига киритиш керак эканлигини таъкидлаган эди.

Хуллас, ҳозирда кўриб чиқилиши керак бўлган муаммолар сони кўпайиб кетмоқда. “Давлат қилиши керак”, “Бу уларнинг иши”, - деб баҳона қилиш бу энг осон йўл бўлиб қолди инсонлар наздида. Бир киши қилган билан 10 ёки 100 киши қилган ишда фарқ бўлади. Ҳар ҳолда, “Қарс икки қўлдан чиқади” деган нақл бор.

Халқ ўзи ҳаракат қилмаса, экологиянинг зарарланиши ҳам давом этаверади. Бу эса келажакда яна кўплаб янги касалликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Экологиянинг ёмонлашиши, атроф-муҳитнинг зарарланиши дарё ва денгизларнинг қуриб бориши, музликларнинг эриши – булар барчаси инсоният сабабли содир бўлаётганлигини унутмаслигимиз зарур.

Мен чиқиндиларни доим чиқинди қутиларига ташлайман. Бугунгача атроф-муҳитга ҳали бирор марта ҳам зарар етказмаганман”, - шу фикрларни айта оладиган бирор бир инсон топиладими орамизда? Йўқ, тўғрими? Шундай экан, экологик вазиятнинг ижобий томонга ўзгариши шу жамият фуқароларининг яъни бизнинг бурчимиздир.

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив