Сўнгги янгиликлар
“Беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган” —  Амира Рашидова

“Беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган” — Амира Рашидова

Ижтимоий тармоқларда “Севимли” телеканалида ахлоқсизликка чорловчи саҳналар оммага тақдим қилинганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ушбу ҳолатга “Севимли” телеканали раҳбари Амира Рашидова Instagram саҳифасида фикрларини ёзиб қолдирди.

“Севимли” телеканалида эфирга узатилаётган “Сабрия" сериалининг 14 январдаги 32-қисми атрофида бўлаётган гапларга муносабатим.

Нима бўлган? Сериалнинг бир эпизоди тарқалган. Унда гиёҳванд йигит қизга ҳамла қилмоқчи бўлган ҳаракати акс этган. Сценарийда кўрсатилган зўравонлик саҳнасини режиссёр одам танасини, қон ва урушни кўрсатмай суратга олган. Очиқ зўравонлик, беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган. Қолаверса гиёҳванд зўравон ўз амалига яраша жазосини сериалнинг шу қисмида олгани кўрсатилган. Ёвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз, Худога шукр. “Сабрия” сериалидаги воқеалар ҳам реал инсонлар ҳаётидан олинган.

Аёлларнинг эркинлиги ва уларга нисбатан зўравонликка қарши кураш масаласини ҳар қадамда ёзаман, гапираман. Мен аёлларга нисбатан ҳар қанақа зўравонликка қаршиман, телеканал контентида шу иллат асоратлари ҳақидаги “Зирапча”, “Сен ва мен”, “Бир кафт тупроқ”, “Қафасда…” каби аёллар мавзусига қаратилган катта лойиҳаларга қўл урганмиз. Бу лойиҳаларда ҳам жамиятдаги камчиликларни кўрсатиб, қаҳрамонлар ҳаётини изга солишга ҳисса қўшганмиз.

”Севимли” телеканали “Сабрия” сериал намойишидан аввал 16+ маркировкасини берган, қолаверса “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли. Ушбу сериал режиссёр Насиба Турсунованинг илк иши. Кўплаб кино ижодкорлар қатори, “Севимли” уни ҳам қўллаб- қувватлади, ишонч билдирди. Келажакда ҳам у билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз, ижодкорни синдиришларига қаршиман…

Бир нарсани таъкидламоқчиман, бир йил олдин телеканаллар асосий контентини турк сериаллари эгаллаган эди, бугунга келиб, ҳар бир телеканалда 2-3тадан миллий сериаллар намойиш этилмоқда, лекин шу билан бирга узатилаётган сериаллардан омманинг кўнгли тўлмаяпти, бунга кўп сабаб бор, ижодий ва техник муаммолар етарли… Биз ўтиш давридамиз. Миллий сериалларимиз яхшироқ бўлишига ишонаман, ҳар ҳолда уринишлар йўқ эмас, гарчи бу осон бўлмасада, шунчаки ҳаммасига вақт керак.

Нима бўлганда ҳам ҳар бирингиздан миннатдорман, бефарқ бўлмаганингиз учун, яхши ёки ёмон муҳим эмас, балки шунчаки фикр билдириб турганингиз учун ҳам раҳмат!”

 – Амира Рашидова.

Маълумот учун, ижтимоий тармоқларда “Севимли” телеканалида ахлоқсизликка чорловчи саҳналар оммага тақдим қилинган борасида Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева фикрини ёзиб қолдирган эди.

Аввалроқ, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилаётгани айтилди.

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив