Сўнгги янгиликлар
Виждонига хиёнат қилмаган шундай адиби борлигини халқ билиб қўйиши керак...

Виждонига хиёнат қилмаган шундай адиби борлигини халқ билиб қўйиши керак...

“Мен ижодни эркинлик деб биламан. Унутманг, эркинликка эришсангиз ана шундагина, ҳақиқий адабиёт одами бўла оласиз!”, - бугун 20 январь юқоридаги сўзларни бош шиори деб билган – Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон туғилган кун. Шоир қутлуғ 70 ёшни қаршилади.

 Ижодий фаолияти

Хуршид Даврон 1952 йил 20 январда Самарқанд вилояти Чордара қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг Журналистика факультетида таҳсил олган. Шоирнинг “Қадрдон қуёш”, “Шаҳардаги олма дарахти” (1979), “Тунги боғлар” (1981), “Учиб бораман қушлар билан” (1983), “Тўмариснинг кўзлари” (1984), “Болаликнинг овози” (1986), “Қақнус” (1987) ва “Баҳордан бир кун олдин” (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Ижодкор, айниқса, 90-йилларда шеъриятдан кўра насрий жанрларда ҳам самарали ижод қилди. У олис ўтмишда яшаган унутилмас тарихий сиймолар ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, улар ҳақидаги мўътабар қўлёзма манбалар билан танишди ва Бибихоним ҳақида “Самарқанд хаёли” (1991), Улуғбек ҳақида “Соҳибқирон набираси” (1995), Шайх Кубро ҳақида “Шаҳидлар шоҳи” (1998) каби тарихий-маърифий қиссаларини яратди.

Хуршид Даврон бу асарлари билан 90 йилларда Ўзбекистонда тарихий ўтмишга бўлган муносабатнинг яна ҳам қизғин тус олишига муносиб ҳисса қўшди. У бундай тарихий сиймолар ҳаётини пухта ўрганиб, улар ҳақида саҳна асарлари ҳам ёзди (“Мирзо Улуғбек” – “Алғул”, (1995), “Бобуршоҳ” (1996). Тарихий мавзудаги бу асарлари билан ҳозирги ўзбек драматургиясига ўтмишда яшаган ажойиб ватандошларимизнинг ёрқин образларини олиб кирди.

У Самарқандда Амир Темурнинг 660, Улуғбекнинг 600 йиллигига, Парижда “Одеон” театрида Бухоро ва Хиванинг 2500 йиллигига бағишлаб ўтказилган театрлаштирилган томошалар ва 21 қисмдан иборат “Темурнома” видеофильми ва “Бухоройи Шариф” (2 қисмли) телефильми сценарийлари муаллифи. Шарқ ва Ғарб шоирларининг асарларидан иборат “Қирқ бир ошиқ дафтари” (1989) ва япон шоирларининг шеърларидан таркиб топган “Денгиз япроқлари” (1988) тўпламларини ўзбек тилига таржима қилган. Хуршид Даврон 1997 йили “Дўстлик” ордени, 1999 йили “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони билан мукофотланган.

Effect.uz мухбири Аброр Поёнов билан суҳбатидан иқтибослар

Адабиётимиздаги энг катта муаммо бу Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини тўғри йўлга солиш. Қонунийлаштириш. Бу дегани шуки, уюшма жамоат ташкилоти эканига амал қилиш. Унга аъзо бўлганлар раҳбариятни сайлаш ҳуқуқини олиши зарур. Ёшлигимизда кўплаб қурултойларда қатнашиб овоз берардик. Ҳозир раис тайинланади. Худди давлат ташкилотлари каби. Нега энди унақа бўлиши керак? Шу сабабдан уюшма фаолиятига аралашгим келмайди.
 
Бугунги шоирлар ҳамда ёзувчилар "беш"лигига тўхталадиган бўлсам, жавобни ўзимнинг тенгдошларимдан бошлайман. Булар: ёзувчилардан - Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Зулфия Қуролбой қизи, Назар Эшонқул, Исажон Султон; Шоирлардан - Усмон Азим, Эшқобил Шукур, Азиз Саид, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо. Мен ҳамиша ўзим мансуб бўлган авлод билан фахрланаман. Барчасини устозларим деб биламан. Шулар билан ёнма – ён юриб кўп нарсани ўрганганман.
 
"Комсомол" мукофотини рад этганим ҳақида гапирсам, бунинг тарихи узун. Мени ишдан олиш учун махсус комиссия келиб, масалам Ўзбекистон ёшлар қўмитаси бюросида кўрилган. Мукофотни отиб юбориб чиқиб кетганман. Ўшанда "Ёш Гвардия" ўрнида пайдо бўлган "Камалак" матбаа-ноширлик бирлашмасида директор ўринбосари бўлиб ишлардим. Бирлашманинг нашриёт қисмига жавоб берардим. Худди ўша йиллари бошқа бир нашриётдагилар "Қуръони Карим"ни чоп этишарди. Уларнинг қоғози тугаб қолди.

"Қуръони Карим"нинг тиражи 200-300 минг ёзилгани билан аслида икки баробар чиқарилиб яширинча сотиларди. Қоғоз бериш шарти билан менга "ҳамкорлик" таклиф қилишди. Йўқ дедим. Уларнинг вакили олдимга кириб, “рози бўлмасангиз, ишдан кетасиз” деди. “Қуръондек муқаддас китобни нопок ишларга аралаштиришнинг ўзи гуноҳ” дедим. Шундан кейин девондаги мавқеи баланд амалдорни ишга солиб, ёшлар қўмитасининг махсус комиссиясини юборишди. Аммо, ишдан кеткизиш учун “қоғоз масаласи”ни қўллаб бўлмаслигини англаб, бошқа баҳоналар излашди.

Ўша даврдан олдинроқ миллионлаб нусхада чиқадиган "Ёш - куч", "Ёшлик" журналлари ҳам қоғоз йўқлигидан қийналиб қолган эди. Қуръон билан боғлиқ "бизнес"ни рад этганлигим туфайли ўзларича ҳужжатларни сохталаштириб, менга алоқаси бўлмаган, яъни “қоғоз танқислиги учун” ҳамма айбни бўйнимга қўйишди. Ишдан кетаётиб, бир яхши одам маслаҳатига кириб, раҳбар сифатида қўл қўйган шартномаларнинг барчасидан ксеронусхаси олдим. Уларни Бош прокуратурага олиб бориб бердим. Шундан кейин ҳеч нима қила олишмади. Йиллар ўтгач, ўша пайтдаги Бош прокурор мендан узр сўраган эди. У воқеаларни ким уюштирганлигини жуда яхши биламан.

Ўзбекнинг асл фарзанди Хуршид Давронга дил сўзлари

Жонтемир Жондор (шоир):

Бугун катта шоиримиз, устозимиз Хуршид Даврон туғилган кун. Шу инсоннинг бир ўзи бутун Ўзбекистон ёшлари, ёш ижодкорлари учун ишлади. Қандай? Хуршид Даврон кутутбхонаси орқали. Билиб қўйинг на уюшма, на бирор журнал эмас, айнан Хуршид Даврон кутубхонаси кашф қилиб берди ҳозир тилга тушиб, атак-чечак қилаётган ёшларнинг энг сараларини! Агар у киши бўлмаганда адабиётимиз тағин билмадим яна неча йил озуқасиз, ўлжасиз қоларди. Не ажабки, шунча ёшлар юзага чиқишига жон куйдирган катта шоирнинг ўзини китоби 20-25 йилдан бери чиққани йўқ. Бунга на ёзувчилар уюшмаси бош суқади, на бирор нашриёт рағбат билдиради.

Хуршид Даврон ҳозир деярли йўқолиб кетаётган табиат шоири! Охирги йигирма йилликда ёппасига руҳиятга мурожат қилишга ўтиб кетган шеъриятимиз Хуршид Даврон лирикаси, пейзажи, табиат тасвирларига муҳтож! Буни тушунадиган валломат йўқми?! Тағин бирорта катта ижодор Ўзбекистон ёш ижодкорларини Хуршид Даврончалик яхши билмайди! У киши билан пойтахт, вилоятларда тинмай учрашув қилиш, иложи борича кўпроооқ нарса олиб қолиш керак. Ғиж-ғиж тарих ётибди бу шоирнинг ичида! Ғиж-ғиж илм... Умрлари узоқ бўлсин...

 Дилшода Матчанова (журналист):

Устоз! Сизга узоқ умр сўраймиз! Доим соғ бўлинг! Дард кўрмагайсиз! Менинг эл-юртга танилишимнинг сабабчиларидан бирисиз. Демак, ҳаётимнинг туб бурилишида ҳиссангиз чексиз! Дадам раҳматли ўзингизни, ҳам ижодингизни ҳурмат қилар эдилар!

Аброр Поёнов (Effect.uz):

Ўзбекистонда энг ҳурматга сазовор кам сонли ёши улуғ инсонлардан бири шубҳасиз Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон десак адашмаймиз. У ижодга содиқ қолди. Амални танламади. Пулга, ёлғонларга учмади. Ўзбекнинг асл фарзанди эканлигини яққол исботлаб берди. Жимгина. Асосийси, маддоҳлик қилмади ва виждонига қарши бормади. 

Бу инсон билан бўлган суҳбат ўзимга жуда ёқади. Юзлаб муаммолар очиқчасига айтилган. Бундан шов–шувлироқ ишларим ҳам бор. Бироқ, негадир айнан ўша суҳбат бошқача. Халқимиз шундай виждонли ҳамда ёшлар келажаги учун қайғурадиган фидоий орамизда яшаётганлигини яна бир бор билиб қўйсин!

Жавоҳир Қадамов (Effect.uz):

Ўзбекнинг фарзанди яшабдики, ўз халқининг асл адибларини, чин маънода халқига севгисини кўрсата олган ёзувчи ва шоирларини унутмайди. Ўзбекнинг фарзанди яшабдики, Қодирийнинг романини, умрида бир марта бўлса ҳам ўқиган, Абдулла Ориповдан биронта шеър ёд олган. Барча адибларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтаманки, айни вақтга келиб юқори савияда ижод қиладиган кам сонли ўзбек адиблари қолган. Олдингидай романи юракни эзиб юборадиган, шеъри танани титратадиган ижод кишилари кўп эмас. Бори ҳам отилиб чиқадиган даражада жасорат топа олмаяптими, билмадим...

Ижод дафтари ҳалигача қизиб турган шоирлардан бири Хуршид Даврон айнан ўша кам сонлилар қаторида туради, менимча. Бу билан ёш қалам аҳлини танқид қилиш фикрида эмасман, Хуршид Давронга муносиб шогирдларнинг кўпайиши тарафдориман. Бугун Ўзбекистон халқ шоири, драматург ва ёзувчи Хуршид Даврон таваллуд топган сана муносабати билан устозни табриклайман! Уларга узоқ умр, неваралар қуршовидаги шод-хуррам ҳаётни тилайман!

Effect.uz таҳририяти улуғ шоир Хуршид Давронга мустаҳкам соғлиқ ва узоқ умр тилайди!

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив