Сўнгги янгиликлар
“Бу миллатга, халққа, давлатга хиёнатнинг бир кўриниши эмасми?” – Озодбек Назарбеков

“Бу миллатга, халққа, давлатга хиёнатнинг бир кўриниши эмасми?” – Озодбек Назарбеков

Маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқларда хусусий телеканалларда ахлоқсизликка чорловчи саҳналар оммага тақдим қилинганлиги борасида фикрини ёзиб қолдирди.

“Ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама этилган, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган телесериалларга нисбатан кескин норозилик кайфияти кучайди. Таъкидлаш жоизки, бундан икки йилча аввал ҳам сериаллар билан боғлиқ муаммолар юзага келганди. Айни пайтда ҳам бу ҳолат такрорланди.

Бундан кўриниб турибдики, соҳа вакиллари келгусида яна шундай кайфиятдаги томошабин билан юзлашмаслик учун бу борада аниқ ва тўғри ёндашувни топиши керак.  Йўқса, уларнинг юрт тақдирига дахлдор шахс сифатида биринчи ва иккинчи Уйғониш даври янгиланишларини яратган аждодларимизнинг маънавий орзулари давомчилари бўлган Учинчи Ренессанс вакилларини муносиб тарбиялаш учун нима қилдик, деган саволга арзирли жавоблари бўлмаслиги мумкин.

Аслида бу борада мушоҳада юритиш  ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир. Айниқса, телевидение ходимларининг олдида "Ойнаи жаҳон орқали эфирга узатаётган ҳар бир телемаҳсулот ёшлар тарбиясига қандай таъсир қилади, бу билан жамиятга қандай нафимиз тегяпти?" деган савол кўндаланг туриши керак.

Айниқса, ёшлар жамият учун парда ортидаги воқелик, кўп ҳам оммавий муҳокама қилинмайдиган муносабатлар сирли, сеҳрли туюлади, уларни кўришга интилиш кучли бўлади. Чунки мурғак онгу қалб оқ ва қора моҳиятини тўла англамайди. Мана шундай ожизликдан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини ўтказишга ҳаракат қилиш маънавиятсизлик,  маданиятсизликка олиб келмайдими? Бу миллатга, халққа, давлатга хиёнатнинг бир кўриниши эмасми?

Бугун зўровонлик, зинокорлик, ёвузлик “вируси”ни тарқатаётган манбалар жамиятни маънавий мажруҳ қилишга уринаётганини соғлом онг, теран тафаккур эгаси қабул қила олмайди. Бу каби эътиборсизлик, лоқайдликлар сабаб жамиятда инсонлар қадрсизланиб, уларнинг фикри, маънавий эҳтиёжлари иккинчи даражага тушиб қолиши биз танлаган Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Тараққиёт стратегиясига қай даражада ҳамоҳанг бўла олади?

Зотан, бугун тобора Янгиланаётган Ўзбекистоннинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган Учинчи Ренессанс авлодларини тарбиялашда миллий қадриятларимизга таянмоғимиз шарт. Президентимиз таъкидлаганидек, халқнинг теран маънавиятисиз, ғурурисиз, юксак маданиятисиз буюк давлат қуриб бўлмайди.

Азиз мутасаддилар!

Катта тарғибот майдони бўлган ОАВлари орқали халқимиз талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган маҳсулотларни беринг. Токи, эртанги кунимиз бадиий савияси саёз бўлган телесериаллар муҳокамаси билан эмас, ўзбек фарзандларининг оламшумул муваффақиятларини муҳокама қилиш, истиқболимиз учун маънавий сармоя бўладиган лойиҳалар тарғиботи билан банд бўлсин”

— Озодбек Назарбеков.

Мазкур ҳолат юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Кейинчалик ҳолатга Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам ўз фикрини ёзиб қолдирган эди.

 

«Улашинг»

  • Смайлы и люди
    Животные и природа
    Еда и напитки
    Активность
    Путешествия и места
    Предметы
    Символы
    Флаги
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив