
Афғонистонда микроавтобус портлаши оқибатида етти киши ҳалок бўлди
Афғонистон ғарбидаги худди шу номдаги вилоят маркази Ҳирот шаҳрида микроавтобус портлаши оқибатида етти киши ҳалок бўлди, яна ўн киши жароҳатланди, дея хабар беради маҳаллий ҳукумат манбалари.
Афғонистон давлат ахборот агентлиги Бахтар Ҳирот касалхонаси бош шифокори Муҳаммад Ареф Жалолийга таяниб, ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари ва жароҳатланганларнинг беш нафари аёл киши эканлигини маълум қилди. Ўн нафар жабрланувчининг барчаси касалхонага ётқизилган.
Фожиа вилоят маркази Ҳожи Аббос қишлоғида содир бўлган. Ижтимоий тармоқлардаги маҳаллий журналистларнинг хабар беришича, болалар, жумладан, ёш қизлар ҳам жабрланган. Қайд этилишича, ярадорларнинг бир қисмининг аҳволи оғир, шу боис қурбонлар сони ортиши мумкин.
Мамлакатда фаолият юритаётган қуролли гуруҳларнинг ҳеч бири содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
«Улашинг»